НАВРЎЗ - ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ

Ассалому алайкум, азиз ҳамшаҳарлар!

Жаннатмакон она юртимизга барчамиз орзиқиб кутган фусункор ва дилбар, янгиланиш ва яшариш фасли - Наврўзи олам кириб келмоқда.

Мана шу улуғ айём, шарқона янги йил билан сиз азизларни — Муҳтарам отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, жондан азиз суюкли фарзандларимизни, каттаю-кичик юртдошларимизни ва бутун Каттақўрғон аҳлини чин юракдан самимий муборакбод этаман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик ва тотувлик, файз ва барака тилайман.

Шу кунларда шаҳримиздаги маҳаллаларда дошқозонларда сумалаклар пиширилиб, дастурхонларга баҳор неъматлари тортилиб, сайл ва томошалар қилмоқдалар. Шундай ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқдалар. Ўзаро меҳр оқибат, саҳоват ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.

Азиз каттақўрғонликлар!

Халқимизда “Тинч юртга байрамлар, тўйлар ярашади” деган теран мазмун-моҳиятга эга ҳикматли ибора бор. Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, Муҳтарам Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли халқимиз тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Орзу ниятларга етишиш учун юрт истиқболи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Фарзанд ва набираларини тарбиялаб камолини кўрмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Бугун Каттақўрғон шаҳридаги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўрган барча каттақўрғонликлар осуда ҳаётимизнинг қадрига етиши, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаб етиши муқаррар.

Мана шу мунаввар лаҳзаларда сиз, азизларга, барча каттақўрғонликларга энг эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман. 

Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор қутлаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларимни йўллайман!

Наврўзи олам юртимизга тинчлик, омонлик, бахт-саодат, қут-барака олиб келсин! Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин! Барчамизнинг эзгу орзу ниятлармиз амалга ошсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Гавҳар Алимова,

Каттақўрғон шаҳар ҳокими.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM