ЁШЛАР ДАФТАРИ ҚАНДАЙ ЮРИТИЛАДИ?

Маълумки, жорий  йилнинг 20 августида Президентимиз раислигида  мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Ушбу йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам  алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакатимизда  жорий этилган “темир дафтар”лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида “Ёшлар дафтари” рўйхатлари шакллантирилиши ва бу борада янгича тизим ва янгича тартибда манзилли ишлаш лозимлиги белгиланган эди.   


Шаҳар ҳокимлигида Ёшлар масалалари бўйича мутасаддилар, сектор раҳбарлари ва котиблари ҳамда бошқа тегишли ташкилот вакиллари иштирокида бўлиб ўтган ўқув-семинари ушбу масалага бағишланди.
Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ёшлар билан ишлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, хуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларига эътибор қаратди.

3
Шунингдек,  Ёшлар ишлари агентлиги  шаҳар бўлим бошлиғи Ф.Наджимов ҳам сўзга чиқиб,  ишсиз ёшлар рўйхатлари киритиладиган “Ёшлар дафтари”ни юритиш тартиби тўғрисида слайд-тўпламлар ёрдамида  тушунчаларини баён этди. 
Семинар давомида ишсиз ёшларни “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олиш схемаси тўғрисида, кейинчалик иш жойига эга деб топилган ёшларни “Ёшлар дафтари”дан чиқариш механизмлари тўғрисида ҳамда ҳудудлардаги “Ёшлар дафтари” бўйича  намунавий ишчи гуруҳ таркиблари тўғрисида ҳам сўз юритилди.  


Худди шундай ўқув-семинарлари шаҳримиздаги секторлар кесимида ҳар бир сектор бўйича бўлиб ўтмоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM