ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ 9- СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бугун шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 9-сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, ҳоким ўринбосарлари, секторлар ва тегишли корхона, ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдиларСессияда 6 та масала кўрилди. Кун тартибида биринчи масала сифатида шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва бу борада қилинадиган ишлар белгиланди.

Шундан сўнг шаҳар прокуратурасининг 2020 йилнинг биринчи ярмида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти юзасидан ахбороти тингланди.

Навбатдаги масала юзасидан сўзга чиққан шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Х.Умаров шаҳар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва карантин тадбирлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш ҳолати ҳақида сўз юритди. Айни вақтда шаҳар ҳудудига кириб келаётган автотранспорт воситалари қатновини чеклаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиш мақсадида шаҳар ИИБ, Миллий Гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси 4-алоҳида батальони ва шаҳардаги ҳарбий қисм ходимларидан иборат гуруҳлар ташкил қилиниб, 5 та Назорат ўтказиш постлари ўрнатилди. Ўтказилган рейдлар давомида тўхтатилган 1300 га яқин автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига, аҳоли ўртасидаги профилактик тарғибот тадбирлари давомида эса эпидемия қоидаларини бузган 2843 нафар фуқарога маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва мазкур йўналишдаги ишларни давом эттириш бўйича қатъий чора-тадбирлар белгиланган, дея таъкидлади у ўз сўзида.

   Депутатлар шунингдек, кун тартибидаги навбатдаги масалалар шаҳарда хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиянинг 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботларни тингладилар ва ушбулар юзасидан тегишли қарорларни бир овоздан мақулладилар.

Кун тартибидаги охирги масала сифатида шаҳар ҳокимининг “Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппарати тузилмасида янги лавозим ташкил этиш тўғрисида”ги 242-Қ-сонли қарори ҳам депутатлар томонидан тасдиқланди.

Сессияда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бугунги кунда шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини пандемия даврида қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритар экан, депутатларни янада фаол, чиқарилаётган ҳар бир қарорга, кўрилаётган масалаларга ўз фикр-мулоҳазасини билдириши, ташаббускор бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Шунинг билан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси ўз ишини якунлади.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM