ИНГИЧКАДА КООПЕРАТИВ ОЧИЛДИ

Ингичка шаҳарчаси аҳолисининг муаммоларини ечиш шаҳар ҳокимлигининг биринчи даражали ишига айланиб улгурган. Шаҳарчанинг ичимлик суви муаммоси долзарблиги кун тартибидан тушгани йўқ. Шунинг учун имконият даражасида, инвестор бўладими, бизнес лойиҳасими, биринчи бўлиб Ингичка ҳудудига йўналтириш тавсия этилади. Мақсад иш ўрнини кўпайтириш, инфратузилмани яхшилаш, шу орқали маҳаллий халқни рози қилишдир.

Вольфрам ишлаб чиқариш бўйича хитойлар билан тузилган корхона пандемия туфайли тўхтаб турибди. Лекин ушбу лойиҳадан умидимиз катта. Белгиланган режалар муддатидан ўтиб бўлсада амалга ошади.

Ўтган ойда хабар қилганимиздек, Ингичка шаҳарчаси атрофидаги фойдаланилмай турган ердан унумли фойдаланиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган эди.

Куни кеча шаҳар ҳокими Г.Алимова Ингичкага бориб бир қатор тадбирларни амалга оширди.

Кооператив ширкати очилди. Энди 16 гектар ер 40 оилага бўлиб берилади. Ер майдонини суғориш учун 1 км 400 метр сув қувури тортиб келинди. Ушбу мақсад учун  42 млн сўм сарфланди.

 

Кооператив аъзолари асосан кам таъминланган оилалар бўлиб, мазкур ерлар ўрнида мевазор ва сабзавот экин майдонлари яратилади. Мақсад, олинган ҳосил эвазига кооперация аъзолари нафақат рўзғорларини боқиши, балки маблағ орттириб ўз ишларини очишлари керак.

Абдулла Қаҳҳор номли маҳаллага ичимлик суви тортиб келинадиган бўлди. Ушбу мақсадларда 220 млн сўм ажратилган бўлиб, 600 оила сув билан таъминланади.

ИИБ профилактика инспекторлари учун 2 та 3 хонали уй ажратилди.

Ингичка фуқаролар йиғинининг собиқ биноси ўрнида Давлат хизматлари маркази ташкил этилади.

Шунингдек, 3 сектор маъмурий маркази ҳам шу бинода иш юритадиган бўлди.

“Ислом шоир” маҳалласининг биноси бузиб ташланди. Унинг ўрнида замонавий маҳалла биноси қад кўтаради.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г. Алимова ўрганиш жараёнида 13 мактабгача таълим муассасаси, 3-шахта  ва бошқа ташкилотларда бўлди.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM