ИЛМ ОЛИШ ФАЗИЛАТЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи илм-маърифат динидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, хақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсонларни жоҳилликка, тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдиради. Ислом дини илм олишга тарғиб қилиш билан катта ажр, мукофот ва юксак даражалар ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

"Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир", дейилган.

 

      Динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Инсоннинг дунёси ёки охиратига фойдали билимлар бўлса, уларнинг ҳаммаси ўрганишга тарғиб қилинади. Фақат инсонларга зарар етказадиган, халокатга олиб борадиган билим бўлмаслиги керак. Илм йўлида яхши ният, чин ихлос ва сабр- матонат билан ҳаракат қилиш бандасига жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди.

      Кишиларни илмга қизиқтириб Пайғамбаримиз (С.А.В.) бошқа бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

      "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган холларида қанотларини ёзадилар".

      Илмли инсонларга осмондагилар, ердагилар, хатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди.

      Олимлар Пайгамбаримизнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам хам мерос қолдирмаганлар. Улар илм мерос қолдирган, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олади.

      Бугун биз илм-фан тараққиёт топган, кундан-кун ўзгаришлар бўлиб турган даврда яшамоқдамиз. Агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига кўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган бугунги муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзгартиришимиз лозим. Ҳар бир ота-она фарзандлари учун бу дунёда ҳам охиратда ҳам жавобгар шахсдир. Фарзандларимизни ёшлик даврини беҳуда ўтказишлигига йўл қўймайлик. Баъзи бир оилаларда фарзандлар тарбияси тўлалигича телевизор ва телефон воситаларига топшириб қўйилган. Бунга кетадиган вақтини китоб мутоалаа қилишга ва ҳунар ўрганишга ўзгартиришимиз керак.

      Буюк уламоларимиздан бири:

      «Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни истасанг, илм ўрган» деганлар.

Каттақўрғон шаҳар бош имом хатиби            Х.Дўстмуродов

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM