ИНСОНЛАР БУГУНИДАН РОЗИ, ЭРТАСИГА ИШОНЧ БИЛАН ЯШАШИ КЕРАК 

Бугун юртимизда олиб борилаётган одилона ва халқчил сиёсатнинг асоси ҳам аслида шундай. Президентнинг жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳам шу мақсадда ташкил қилинди. Бугун бу тизим ўзини оқламоқда, дейиш ўринли. Зеро, Халқ қабулхоналарига аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатлар орқали нафақат фуқароларнинг балки, жамиятимизда ечимини кутаётган кўплаб муаммолар ҳам ижобий ҳал этилмоқда. Албатта, бу борада Халқ қабулхоналари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

 

Каттақўрғон шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан ҳам жорий йилнинг олти ойи давомида шаҳримиздаги фуқаролардан 420 та мурожаат қабул қилиниб ижрога қаратилган. Ўтган йилнинг ушбу ҳолатига кўра 152 тага камайган.

Мурожаатларнинг 360 таси кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 125 таси ижобий ҳал этилган. 116 тасига тушунтириш берилган, 5 таси рад этилган, 46 та мурожаат тегишли давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ушбу мурожаатларнинг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, улар уй-жой билан таъминлаш, коммунал тўловлар,  газ, эелектр, сув, иссиқлик таъминоти, алимент, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам олиш, банк ва кредит, пенсия ва нафақа, йўл қурилиш ва транспорт, суд ва суд ижроси, соғлиқни сақлаш ва бошқа турли масалаларни ўз ичига олади.

Карантин даврида келиб тушган 163 та мурожаатнинг 93 таси ташкилотларга ижро учун юборилган бўлиб, уларнинг 69 таси ижобий ҳал этилган.

Ҳозирда шаҳримизда кўплаб таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, “Обод маҳалла” Давлат дастури бўйича “Ғарб мачит” маҳалласидаги 10- ва 23- сонли, “Гўзалкент” маҳалласидаги 9-, 13- ва 14- сонли мактабгача таълим ташкилотларида ҳамда “Каттақўрғон” маҳалласи биносидаги таъмирлаш ишлари якунига етказилган. “Ғарб мачит” ҳамда “Гўзалкент” маҳаллалари биноларида эса қурилиш-таъмирлаш ишлари кетмоқда.  

Шаҳримиздаги Форобий, Афросиёб, Семурғ, Суғдиёна, Беклар каби йирик кўчаларда яшовчи фуқароларнинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатларидан сўнг 11,1 км. ички йўллари жорий таъмирланиб асфалть қопламаси ётқизилди.

Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш билан бирга хонадонларни, кўчаларни ва маҳаллаларни ободлиги ва орасталигини таъминлаш, белгилаб олинган. Айни кунгача 18 та маҳаллада таъмирлаш ишлари, 26 та кўчада “Обод кўча” лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда. Ўрганишлар бўйича 69 та хонадонга таъмирлаш ишлари учун касаба уюшмаси томонидан 5 миллион сумдан ажратилди.

Эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантиришда Халқ қабулхонасининг секторлар билан ҳамкорлиги яхши натижа бермоқда. Бунда Халқ қабулхонаси томонидан оилаларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб тегишли тавсиялар бериб борилмоқда. Ушбу тавсияларга биноан аҳоли талабларидан келиб чиқиб уларни моддий таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ушбу ишлар доирасида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб 1-сектор ҳудудидаги 10 нафар хотин-қизга замонавий тикув машинаси, 18 нафар оилага 2 бошдан қўй олиб берилиб чорвачилик билан шуғулланишига имкон яратилди. 12 хонадонга 5 миллион сумдан уй-жой таъмири учун маблағ ажратилди.

2 секторда жойлашган маҳаллаларда яшовчи 25 нафар оилага субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. 20 нафар оилага қуй, 22 нафар оилага эса парранда олиб берилди.  3-сектор ҳудудида яшовчи 12 нафар фуқарога субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. 155 нафар фуқаролар мавсумий иш билан таъминланди. 4-сектордаги маҳаллаларда яшовчи 50 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилган.

Шу ўринда бир нарсани айтиш жозки мурожаатларнинг имкон даражасида ижоий ҳал этилаётгани қувонарли албатта. Лекин фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда ва секторлар таркибига кирувчи маҳаллаларда ўтказилган ўрганиш-таҳлиллар натижасида аниқланган, ҳалигача ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, Каттақўрғон шаҳридан 30-35 км узоқликда жойлашган ҳудудий 3-сектор таркибига кирувчи Ингичка қўрғончасидаги 5 та маҳалладаги ичимлик суви муаммоси, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек ҳудуд аҳолисининг шаҳар марказига ўзларига тегишли ижтимоий зарур масалаларни ечиш мақсадида келишлари учун транспорт масаласи, нотариус ва ҳуқуқий маслаҳат масалалари, Давлат ҳизматлари кўрсатиш масалалари.

 2-сектор таркибига кирувчи “Баҳористон” маҳалласи Фаробий кўчасидан оқиб ўтувчи оқова сув қувури бир неча йилдан буён авария ҳолатига келиб қолган. Ушбу ҳолатни бартараф этиш учун “Жаҳон банки” маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгиланган бўлиб ТЭО ва лойиҳа ишлари ўрганилмоқда. Ушбу ишларни жадаллаштириш лозим.

Кредитларни бериш турлари бўйича банкларда аҳолига билдириш механизми шаффоф эмас. Бу орқали фуқаролар қайси банкда канақа кредит турлари борлигини билолмай сарсонгарчилик юзага келмоқда. Мурожаатларни асосини ҳам шу ташкил этади. Муаммо ечими эса Банклар тизимида берилаётган кредит турларини шаффофлигини таъминлаш учун Ягона тизим жорий этиш лозим. (Қайси ҳудуддаги қайси банкда кредитнинг қандай турлари реал вақт режимида қандай %ларда берилаётганлигини билиш учун). Шунингдек, тадбиркорлар учун бериладиган кредитларни берилиш муддатини чўзилиб кетиши улар фаолиятини йўлга қўйишга тўсиқ бўлмоқда. Шу сабабли тадбиркорлар учун бериладиган кредитларни ҳар йилнинг I-чорагидан кечикмаган ҳолда бериш тизимини йўлга қўйиш лозим.

Албатта ушбу муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишда халқ билан мулоқот қилиш тизимини янгича механизмларда амалга оширилаётгани, давлат идоралари, ташкилот ва корхоналар мутассадилари аҳоли, айниқса ёшлар муаммоларини чуқур ўрганаётгани ҳудудлар инфратузилмасини ҳамда аҳолини яшаш тарзини яхшиланишига хизмат қилмоқда. Муҳими одамларнинг бугунидан рози бўлиши, эртанги кунига ишончининг ортиши бу борада амалга оширилаётган ишларга бериладиган ҳақиқий баҳо бўлади. 

Ҳ.ШОДИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Каттақўрғон шаҳридаги Халқ қабулхонаси  Мудири.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM