БУНЁДКОРЛИК ДАВОМ ЭТАДИ

Каттақўрғон шаҳрида белгиланган лойиҳалар асосида катта кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Айни кунларда Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг қарорига биноан Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадаллаштириб юборилди.

Унга кўра “Нурафшон” ҳамда “Яккабоғ” маҳаллалари учун алоҳида ҳудудий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилади. Дастурда “Нурафшон” маҳалласи ҳудудида 1 та мактаб, 1 та боғча каби ижтимоий соҳа объектларини ташкил этиш, ичимлик суви, электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқларини янгитдан жорий этиш, маҳалладаги мавжуд ички йўлларни мукаммал таъмирлаш, маҳалла ҳудудини бугунги кун архитектура талаблари асосида тартибга келтириш ҳамда маҳалла ҳудудидаги асосий кўчаларга тунги ёритиш тизимини жорий этиш масалалари ҳам белгиланган.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази” маъмурий биносини таъмирлаш ишларини якунига етказиш ҳамда уни моддий техника базасини мустаҳкамлаш, 02855-сонли Ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган “Ватанпарвар” маҳалласининг маъмурий биносини жорий таъмирлаш ишларига маблағ ажратилиб, ишларни якунига етказиш назоратга олинган.

Дастурга биноан Каттақўрғон шаҳридаги 10-МТМга тегишли бўлган, бугунги кунда бўш турган эски бино-иншоотлари негизида 24 соат режимда ишлайдиган янги 120 ўринли давлат боғчасини ташкил этиш, Туркистон кўчасидаги 26-В умумий уйда истиқомат қилаётган оилаларга кадастр ҳужжатларини қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш, “Оқ олтин” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Шаҳидлар хиёбони”ни ободонлаштириш ва атрофини кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.

Шаҳримизда аҳоли учун йўл транспортда ҳаракатланиш учун қулайлик яратиш мақсадида қарорга асосан “Каттақўрғон Автошохбекати” МЧЖ га қарашли бўлган собиқ Автошохбекат фаолияти тикланиб, янги маршрутлар белгиланади.

Ўйлаймизки, ушбу бунёдкорлик ишлари шаҳримизга келгусида янада кўрк ва чирой бағишлаб орзулар шаҳрига айлантиради. 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM