ШАҲАР ҲОКИМИ ИЖОДКОРЛАРНИ МУБОРАКБОД ЭТДИ

27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бугун шаҳар ҳокими шу муносабат билан каттақўрғонлик соҳа ходимлари билан учрашди.  

-Бугун ҳаётимизни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Радио, телевидение, интернет, босма нашрлар давлатимиз, жамиятимизнинг барча соҳаларида бўлаётган ислоҳотлар, кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишларини ёритиш, аҳолини холис ва ҳаққоний ахборот билан таъминлашда соҳа мутахассисларининг хизматлари беқиёс бўлаётгани шубҳасиз. Албатта бунинг учун биз сизнинг самарали фаолиятингиздан мамнунмиз,-дея таъкидлади шаҳар ҳокими ўз сўзида. 

Шундан сўнг сўзга чиққан шаҳримизда самарали фаолият юритаётган соҳа ходимлари Абдуазиз Ҳошимов, Эркатош Шукурова, Фазилат Абдуллаева, Тохир Хамидовлар бугун мамлакатимиздаги демократик тамойиллар, сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, соҳага берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар оммавий ахборот воситалари ходимларини янада шижоат ва фаоллик билан ишлашга ундаётгани хусусида сўз юритдилар. 

Учрашув сўнгида шаҳримиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан боғлиқ жараёнларни кенг ёритишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM