ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВА ЎҚУВ ЙИЛИ ЯКУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИТИРУВЧИЛАР ВА УЛАРНИНГ УСТОЗЛАРИГА ТАБРИК ЙЎЛЛАДИ

Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар, азиз ўқувчилар!

Мана, яна бир ўқув йили ҳам ўз ниҳоясига етди. Бугун барча битирувчи ёшларнинг ҳаётида янги саҳифа очилади.

25 май барча мактаб ўқувчиларининг ҳаётидаги ҳаяжонли ва унутилмас кундир. Чунки улар бугун қадрдон мактаблари, меҳрибон ва азиз устозлари, синфдошлари билан хайрлашиб янги ҳаёт сари қадам қўядилар. Мактабдаги дарсларни тугаганлигини англатувчи сўнгги қўнғироқ аслида битирувчиларнинг келгуси ҳаётларидаги янги марралар сари чорловчи илк қўнғироқдир.

Азиз устозлар, ота-оналар!

Бу йил пандемия сабабли мактабнинг охирги кунларида  барча ўқувчилар ва устозлар дарсларни онлайн тарзда амалга оширдилар. Бунда албатта сиз устозларнинг машаққатли меҳнатларингизни эътироф этиш ўринли. Қолаверса фарзандларининг дарсларини устозлари билан бирга кузатиб борган ота-оналарнинг фаолликлари ҳам таҳсинга лойиқ. Албатта биргаликда улкан ва машаққатли ишни амалга оширдингиз.

Бугун 2019-2020 ўқув йилини муваффақиятли якунлаган барча ўқувчилар ва устозларни чин дилдан муборакбод этаман. Ўйлайманки каттақўрғонлик барча ўқувчи-ёшлар устозларининг ишончини оқлаб, келажакда шаҳримиз истиқболи йўлида хизмат қиладиган етук мутахассислар бўлиб етишадилар.

Азиз битирувчи ёшлар!

Яна бир бор барчангизни мустақил ҳаётга қўяётган қадамингиз қутлуғ бўлишини, келгусида олий таълимда ҳам ўқишни давом эттиришингизни ва ҳаётда улкан марраларни, юксак билим чўққиларини забт этишингизда омад ва зафарлар тилаб қоламан.   

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM