СЕНАТ РАИСИ: “КАТТАҚЎРҒОН ДИЛБАР ВА ФУСУНКОР ШАҲАРГА АЙЛАНАДИ”

Аввал хабар қилганимиздек, Республикамиз Президентининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Т. Норбоева Каттақўрғон шаҳрида бўлиб турибди.

Бугун Танзила Норбоева Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамрохлигида “Обод маҳалла”, “Обод марказ” давлат дастурларининг бажарилиш ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида “Ватанпарвар” маҳалласига борди.

Мазкур маҳалла кўп қаватли уйлардан иборат, ёпиқ шаклдаги, асосан ҳарбийлар истиқомат қиладиган ҳудуддир.

Маҳаллий аҳоли маҳаллани очиқ шаклдаги фуқаролар йиғинига айлантириш ташаббуси билан чиқмоқда.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г. Алимова ҳудуддаги аҳоли сони, қамров даражаси, атрофдаги маҳаллаларнинг жойлашуви ва бошқа тегишли масалалар бўйича ўрганиш натижаларини баён этди.

Сенат раиси мазкур масала чуқур таҳлил қилиш орқали ҳал этилишини, шундан кейин аниқ чора-тадбир кўрилишини айтди.

Ишчи гуруҳи ўз олдига қўйган йўналишлардан бири шаҳардаги маданият марказлари, музей, театр, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумтаълим муассасаларида маданият ва санъат йўналишидаги ҳолатни ўрганиш эди.

Каттақўрғонда 23 та моддий ва маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, баъзиларнинг қурилиш тарихи  ХIХ аср охири, ХХ аср бошига бориб тақалади. Сўфи Оллоёр маҳалласидаги “Бегижон масжиди” ҳамда  Мирий маҳалласидаги “Розиқбой масжиди” шулар жумласидан. Ўз даврида ҳашаматли ва ноёб меъморчилик намунаси ҳисобланган мазкур бинолар йиллар мобайнида турли мақсадларда фойдаланиб келиниб, айни дамда хароб аҳволга келган.

 

Танзила Норбоева биноларни кўздан кечирар экан мазкур маданий мерос объектларини реставрация қилиш, асл ҳолатига келтириш аждодларнинг авлодларга қолдирган бой маданий меросига нисбатан ҳурмат ҳиссини ўйғотишда катта рол ўйнашини таъкидлади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш учун тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг самарали фаолияти учун зарур шароитларни яратиш муҳимдир.

“Metall SolutionTechnologies” МЧЖ қўшма корхонаси 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти саноат соҳасидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдан иборат.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ўртача 960 тонна мис ва рухларни қайта ишлаб, йиллик 4.5 млн доллар экспорт  имкониятига эга.

"Kattakurgan oil" МЧЖ 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти саноат соҳасидаги озиқ-овқат, ноанъанавий мойли экинлардан ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Корхонага 2019 йилда хорижий кредит линияси ҳисобидан 400.0 минг доллар маблағи ҳисобига Хитой давлатидан асбоб-ускуналар келтирилган. 

Танзила Норбоева шунингдек, ун маҳсулотлари, саноат соҳасидаги нефт-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан ҳам танишди.

-    Икки кун давомида Каттақўрғон шаҳрининг комплекс ривожлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ўрганаётган Сенат раиси Танзила Норбоеванинг тадбиркорлар билан учрашувлари олдимизда турган кўплаб муаммолар ечимида муҳим омил бўлади. Мамлакатимиз Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Каттақўрғонни обод шаҳарга айлантириш бўйича топшириқлари ортидан турли вазирлик ва Республика даражасидаги идораларнинг раҳбарлари ёнимизда туриб муаммоларимизни ўрганишмоқда, дейди, - шаҳар ҳокими, Сенатор Гавҳар Алимова.- Ишонаманки, ўрганишлар натижасида юзлаб муаммоларимиз ўз ечимини топади.

Ўрганишлар жараёнида тадбиркорлик субъектларининг молиявий, товар ва хом-ашё ресурсларига, мухандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши жараёнларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.

Сенат раиси Танзила Норбоева Каттақўрғонни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари билан ҳам учрашди.

Унда фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини ошириш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Матбуот хизмати

 

 

 

.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM