СЕНАТ РАИСИ ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида иш олиб борган вазирликлар ва тегишли ташкилот вакилларидан иборат махсус гуруҳлар томонидан таклифлар ва лойиҳалар ишлаб чиқилган эди. Куни кеча шаҳримизга ташриф буюрган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева 8 та йўналиш бўйича ўрганишлар давомида белгиланган лойиҳаларни кўздан кечириш асносида шаҳримиздаги тадбиркорлар билан ҳам учрашди.

Шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган ушбу учрашувда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ва тегишли мутасаддилар иштирок этдилар.

Учрашув давомида ҳар бир тадбиркор ўз йўналиши бўйича 2020-2022 йилларда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кўзда тутилган лойиҳалари ва уларнинг нечоғлик аҳамияти  хусусида маълумот бердилар.

Шунингдек, йиғилишда иштирок этган шаҳар адлия бўлими ҳамда банклар томонидан тадбиркорларни муаммоларини бартараф этиш ҳамда улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида қонун нуқтаи назаридан ўз фикрларини билдирдилар.

 

Лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишар экан, Сенат Раиси Танзила Норбоева келгусида ушбу лойиҳаларнинг самарали амалга оширилиши Каттақўрғон шаҳрида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларининг  яратилиши  аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM