КАТТАҚЎРҒОН “ОРЗУЛАР ШАҲРИ”ГА АЙЛАНИШИ МУҚАРРАР

Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Давлатимиз раҳбари, Самарқанд вилоятини ижтимоий иқтисодий ривожлантиришни жадал суратлар билан амалга ошириш билан бир қаторда Каттақўрғон шаҳрини ривожлантирилишга алоҳида тўхталиб ўтди. Бунда асосий эътибор, Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериш орқали 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида, Каттақўрғон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи Ишчи гуруҳи 3 кун давомида ишлаб Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифаларни амалга ошириш юзасидан дастур лойиҳаси ишлаб чиқди.

ЛОЙИҲА

Бугун Каттақўрғонга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ташриф буюрди. Сенат раиси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган объектларда бўлди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Республика Президенти билан бўлган мулоқотда шаҳарда иккита институт ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Педагогика йўналишидаги олийгоҳ ташкил этиш учун собиқ академик лицей биноси тавсия этилди. Мазкур бино ўқув корпуси, кутубхона, талабалар турар-жойи ва спорт майдончасидан иборат комплекс мажмуа бўлиб замонавий талабларга жавоб беради.

Шунингдек, транспорт коллежи ўрнида шу номдаги қурилиш ва транспорт соҳасида олий ўқув юрти ташкил этиш мўлжалланяпти.

Танзила Норбоева лойиҳалар билан танишар экан, бўлажак институтларнинг кадрлар салоҳияти ва талабаларни қамраб олиш имконияти билан қизиқди.

Сенат раиси шаҳардаги “Ёғ-мой” акциядорлик жамиятини бориб кўрди. Корхона раҳбарияти жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати ва фойдаланиш имкониятлари тўғрисида маълумот берди.

Дастурга биноан жамиятга туташ бўш ер майдонида кичик саноат зонаси бунёд этиш режалаштирилмоқда.

Танзила Норбоева шунингдек, Давлатобод кўчаси атрофида қуриладиган кўп қаватли уйлар режа-лойиҳаси билан танишди. Айни дамда мавжуд уйлар ўтган асрнинг ўрталарида қурилган бўлиб, бугунги кунда аянчли аҳволга келиб қолган.

Бугун Танзила Норбоева ҳамда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Ингичка шаҳарчасига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар билан ҳам танишишди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, Каттақўрғон шаҳрини ривожлантириш бўйича 8 та йўналишни қамраб олган ишчи гуруҳлари тузилган эди.

Булар шаҳарни ривожланишини режалаштириш ва ҳудудини кенгайтириш имкониятлари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти самарадорлигини ошириш, Инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, Озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг олдини олиш, давлат бюджети ижросини таъминлаш ва даромадлар манбаларини кенгайтириш масалалари ҳамда маданият, спорт, таълим каби иқтисодий ижтимоий мавзулардаги йўналишларни ўз ичига олади.

     Шуни айтиш жоизки, шаҳарни ривожлантиришдаги муаммолардан бири ҳудудда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, жумладан замонавий иссиқхона, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, йилқичилик хамда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун ер майдонлари мавжуд эмас. Бу борадаги муаммоларни ҳал этилиши шаҳарни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш билан бирга аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, иш ўринлари яратилишга имкон беради.

Шунингдек, шаҳар аҳолисини сони йилдан-йилга ўсиб бориши уларни биринчи навбатда турар жой билан таъминлаш учун ер майдонларини тақчиллиги хамда ижтимоий соҳа объектларига бўлган эҳтиёжни юзага келтирмоқда. Тиббиёт ва таълим муассасалари бунга мисолдир

Шаҳар ҳудудининг M-37 Бухоро-Самарқанд автомагистралига яқин жойда жойлашганлиги ҳамда ҳудуднинг қулай темир йўл тармоқларига эга эканлиги транспорт логистикаси учун қулай транзит ҳудуд ҳисобланади.

Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун қулай инфраструктура ва ишлаб чиқариш майдонларининг мавжудлиги гўшт вa гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятларини кенгайтиради. Ҳудуднинг 10 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун хом ашё базасига эга эканлиги келгусида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги истиқболли режаларни амалга оширишда муҳим омилдир.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Матбуот хизмати

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM