ОИЛА - УМРНИНГ БОШЛАНИШИ, ЭЗГУЛИКНИНГ МУҚАДДИМАСИДИР

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 15 май - Халқаро оила куни деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди.

Оила – бугунги кунда тафаккури, маънавияти, жамиятда тутган ўрни, бахти ва омади каби ҳаётининг мазмуни ва маъносини ташкил этувчи қадриятларнинг инсон манфаатига хизмат қилишини таъминлашда қалқон бўлган муҳим ижтимоий муҳитдир. Айнан у ўз аъзолари саломатлигини кафолатловчи, ҳар томонлама баркамол шахсни вояга етказиб, тарбиялашни ўз зиммасига олган мустаҳкам қўрғондир.

Биз ўз маънавий ҳаётимиз ва келажагимизни қураётганда беқиёс миллий қадриятимиз бўлмиш оилани асосий таянч деб биламиз. Чунки ўзлигимизга қайтиш, миллий урф-одатларимизни эъзозлаш, катталарга ҳурмат ва кичикларга ғамхўрлик, қолаверса, одамийлик, ҳалоллик, олижаноблик, меҳр-оқибат сингари асл инсоний фазилатлар айнан оила муҳитида шаклланади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Одамлар биз учун оиланинг муқаддаслигини билиши керак. Агар оилани сақламасак, биз ўзимизни йўқотамиз”.

Оила – киши тафаккури, маънавияти шаклланадиган, жамиятда тутган ўрнини белгилаб берадиган, қадриятларни асрдан-асрларга опичлаб ўтишда бош омил ҳисобланувчи муҳим ижтимоий муҳитдир. У насл давомийлигини таъминлаш ҳамда баркамол авлодни вояга етказишда мустаҳкам қўрғондир.

Оила — жамият пойдевори. Мустаҳкам пойдевор эса, жамиятнинг барқарорлиги, осойишталиги, давлатнинг келажагини таъминлайди. Оила – бу эркак билан аёлнинг ўзаро розилиги асосида қонуний равишда никоҳдан ўтиб, турмуш қуриши асосида юзага келади ва жамиятимиз келажаги бўлган қобил фарзандларни тарбиялайдиган, уларнинг ўсиб-улғайишига асосий замин бўлиб хизмат қиладиган муҳитни юзага келтиради. Инсонларнинг бахтли-саодатли бўлиши ҳам оилага, оиладаги тарбияга боғлиқ.

Борди-ю оила тузук бўлмаса, тарбияга ҳам эътибор берилмаса, қанча буюк бўлса ҳам, бундай миллат дунёда узоқ яшай олмайди. Донишмандларимиз таъкидлаганидек: “Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлар-у, дунёда энг буюк ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса, ҳеч бир замон эътибор бермасдан қолдирганимиз – оиладир. Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабабдан фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради... Агар бир миллатга бундай ҳол рўбарў келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади...”

           Оила ҳалқнинг, жамиятнинг хаёти, турмушига оид урф-одатларини ўзида синовдан ўтказадиган муқаддас маскан бўлиб, яхшиларини ўз бағрида асраб авайлаб, келажак авлодларига етказади. Оила ўз фарзандларига бошланғич ижтимоий йўналиш бериб, катта оқимга, жамиятга қўшиш билан эса жамият йўналиши, иқтисодиёти, маданияти ва маърифатини ҳам белгилашга ўз таъсирини кўрсатади.

Халқимизда оиланинг муайян турмуш тарзи шаклланиб хаётий тажриба орттириб бориши, тежамли ва саришта рўзғор тутиши, фарзандларини одобли, маънавий етук бўлиб камол топишида кексалар, ота-оналарнинг роли катта. Ўзбек оилалари ўзининг мустаҳкамлиги, саранжом-саришталиги, болажонлиги, қариндош-қондошлик ришталарини ҳурмат қилиши, меҳр оқибатли ва бошқа қадириятлари билан ажралиб туради.

Бугунги муқаддас ўзбек оиласи ўзининг чуқур маънавий-иқтисодий пойдеворига эга. Биз бу пойдеворни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Бузғунчилик, беҳаёлик, бефарқлик разолатига ботган “оммавий маданият” гирдобидан ёшларимизни асраб, миллий, олтин қадриятларимизга асосланган анъаналаримизни, урф-одатларимизни, маънавий меросимизни улар қалбига жо қилишимиз даркор. Токи, бундай дурдона қадриятларимиз келажак авлодларимиз ҳаётининг ҳам машъала чироғи бўлиб қолсин.

Байрамингиз муборак бўлсин!

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM