ХУШХАБАР! КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИНИНГ ЧЕГАРАЛАРИ КЕНГАЯДИ, ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ОЧИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда Самарқанд вилояти ҳақида тўхталар экан, Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга берилишини, шу орқали 5 минг кишини иш билан таъминлаши лозимлигини айтди.

Йиғилишда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова сўзга чиқди. Шаҳар ҳокими Каттақўрғон шаҳрига ҳокимлик вазифасига ишонч билдирганлиги учун Президентга миннатдорчилик билдирди.

-Шаҳарда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, ишлар ташкиллаштирилмоқда. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 1053 та эҳтиёжманд камбағал оила ва ушбу хонадонларда яшовчи меҳнатга лаёқатли бўлган 1500 нафар оила аъзолари назоратга олинди, - деди Г. Алимова.

Каттақўрғон шаҳрида “Саховат ва кўмак” ҳаракати бўйича 289 нафар тадбиркор ёрдам кўрсатиш ташаббуси билан чиқиб, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия кўмаги сифатида тарқатилмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида фаолият кўрсатаётган жами 214 та субъектга Пандемия сабабли ҳудуддаги тижорат банклари филиаллари томонидан қарийб 89 млрд.сўм миқдоридаги кредит тўловларининг муддатлари узайтириб берилди.

Шаҳарда янги лойиҳалар асосида иш ўринларини ташкил этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва бюджетга тушумларни кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида ҳудудий экспорт режа кўрсаткичи 3 млн. АҚШ доллар бўлиб, амалда тўлиқ бажарилди, 5 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, 29 млрд.сўм бўлган маҳаллий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.

2020 йилда қўшимча умумий қиймати 164 млрд сўмлик 9 та янги лойиҳани ўз ичига олган дастур ишлаб чиқилган бўлиб, жами 1000 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Гавҳар Алимова Президентимизга бир қатор таклифлар билан мурожаат қилди:

- Ҳудудда йирик инвестицион ва ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш учун захира ер майдонларини мавжуд эмаслигини инобатга олиб, шаҳар чегараларини қайтадан кўриб чиқиб, шаҳарга туташ қўшни туман ҳудудларидан қўшимча 1 200,0 га ер майдони ажратилса қатор лойиҳаларни амалга ошириш имконияти яратилади, - деди шаҳар ҳокими.

Шунда қурилиш, қишлоқ хўжалиги материаллари ишлаб чиқиш ва қайта ишлашга мўлжалланган кичик саноат зонаси қуриш, чорвачилик кластери замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар, мева ва сабзавотлар сақлаш ва экспортни жўнатиш учун саноат музлатгичлари ташкил этиш  каби масалалар ўз ечимини топади.

Шунингдек, шаҳардаги йирик чорва терисини қайта ишлайдиган “Kattakurgan Charm”МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига чорва молларни боқиш, шунингдек чорва терисини чуқур қайта ишлаш ва чорва терисини 100 % экспортга йўналтириш имконияти яратилади.

Муҳими, чет эллик ҳамкорларнинг инвестициясини жалб этишда қулай шароит яратилади. Айни дамда Хитой корхоналари томонидан “Пеститцидларни-зараркунандалар вa ўсимликларни назорат қилиш учун ишлатиладиган кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш" ва “Маккажўхори донидан доривор ёғ ишлаб чиқариш” каби 23 та хорижий ва маҳаллий инвесторлар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали 400 млрд.сўмлик инвестиция киритиш имконияти пайдо бўлади. Бунда 5000 дан ортиқ фуқаро иш билан таъминланади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова, шунингдек ўз маърузасида Республика Президенти Ш.Мирзиёевдан Каттақўрғон Транспорт касб-ҳунар коллежи негизида Тошкент автомобил йўллари институтининг Самарқанд филиалини ҳамда собиқ академик лицей негизида Самарқанд давлат университетининг педагогика институти филиалини ташкил этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Йиғилиш сўнгида Республика Президенти  Самарқанд вилояти ҳақида тўхталар экан, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимованинг маърузасида айтилган таклифларни ижобий ечиш чоралари кўриб чиқишини, шаҳар чегарaларини кенгайтириш ва олий ўқув юртлари очиш таклифини қўллаб-қувватлашини  маълум қилди.

Бугун Каттақўрғонга юқорида кўрсатилган маънавий -маърифий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазирликлар томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳларнинг биринчиси етиб келди ва иш бошлади.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM