ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ БОР БЎЛСИН

(Изҳор) Рамазон ойининг ўн бешинчи куни. Айни уйда ифторликдан сўнг чақ-чақлашиб ўтиргандик. Телефоннинг устма-уст жиринги қалбимни жунбушга келтириб юборди. Анчадан буён кўрмаганим, қадрдон дугонам, болалар шифокори Турсунтош Мўминованинг мулойим товушини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим. Қисқа салом-аликдан сўнг Турсунтош: - Биласизми, бугун бошим осмонларга етдиёв,-деди.

 

-Ҳамиша шундай бўлсин, хурсанд бўлиб юринг, дўстим, дейману унинг қувончига тезроқ шерик бўлгим келади.

-Ёшинг бир жойга бориб қолганда эшик тиқ этса ҳам, шиқ этса ҳам йўлга қарар экансан. Эшигингдан сўраб келишса борми бошинг нақ осмонга етаркан. Бунинг устига узоқ йиллар бирга ишлаганларинг бўлса улар. Рости мен Тиббиёт бирлашма раҳбари Шоира Нуруллаева ҳақида аввалдан яхши гаплар эшитгандим. Билимли шифокор, фидойи инсонлигини билардим. Бир неча йилдирки катта жамоани уддабуронлик билан бошқараётганидан хабарим бор эди. Лекин шу инсон улуғ айём кунларида мендек оддий шифокорни йўқлаб келиши, мен билан кўришишини ҳаёлимга ҳам кетирмагандим. Бир гап айтсам ишонасизми, ҳозиргача қалбимдаги титроқ бир ёруғлк бир севинч тарк этмаяпти мени. Бу туйғу, бу хурсандчиликни Шоира Нуруллаева бахш этди.  Кўнглимдаги  кечинмаларни  кимга қандай изҳор этишни билмай сизга қўнғироқ қиляпман дугонажон. Айниқса, ҳозирги эзгу ойда синовли кунларда, инсонни йўқлашнинг ўзи катта гап,-дейди ҳаяжонини яширолмай Турсунтош Мўминова, фахрий шифокор.

 

Телефонни ўчирар эканман, фақат ва фақат бизга яъни миллатимизга хос ва мос бўлган миллий қадриятларимизнинг нақадар қадрли эканлигини яна бир бор юракдан ҳис қилдим. Илоҳим мана шу қадриятларимиз бор бўлсин.

Фазилат АБДУЛЛАЕВА,

фахрий журналист.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM