ЖАМИЯТИМИЗДА ИЖТИМОИЙ ИШНИНГ МУХИМЛИГИ

Ҳозирги глобал ўсиш тараққиёти даврида, бутун дунёда жумладан Европа давлатлари, Америка Қўшма Штатлари, Африка, Россия давлатлари сингари Ўрта Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон ҳам ўзининг ҳар томонлама етук, маънавиятли ва юқори салоҳияти билан юқори чўққиларни эгаллаб келаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. 

Ўзбекистон - халқимиз қалбига абадий муҳрланган  буюк сиймолар, доно, матонатли ва ўз тақдирини белгилашга бефарқ бўлмаган халқнинг юртидир. Мана шундай жаннатмакон диёрда яшаш, нафақат ўзбек ватандошларимизда, балки бошқа миллат вакилларида ҳам ғурур ҳиссини уйғотади. 

 

Мен Самарқанд Давлат Университетида “Ижтимоий иш” йўналишида таҳсил олиб, ушбу йўналишда таълим олаётганимдан мамнунман. Яқиндагина ташкил этилган бу йўналиш, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож кишиларга, кўп болали оилаларга, ногиронларга, ёлғиз қарияларга, шунингдек жамиятда ҳар бирининг ўрни бўлган шахсларга ёрдам кўрсатишга йўналтирилган касбий фаолиятдир. Мазкур йўналиш ҳозирги кунда давлатимизда босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Ушбу касб эгалари бошқа Европа давлатларида биринчилардан бўлиб иш бошлаган бўлсаларда, аммо тарихдан ўзбек халқининг мурувватпарварлиги, меҳрибонлиги, меҳр-оқибатлиги, олийҳимматлилиги бизга ота меросдир. Бугунги кунга қадар шахсан мен “ижтимоий иш” деганда, соғлиқни сақлаш тизимидаги кексалар ва ногиронларга хизмат кўрсатадиган ходимларни тушунардим. Бизларга ўтилаётган махсус фанлар орқали ушбу йўналишдаги касб эгаларининг эзгу ишини нақадар мураккаб ва маъсулиятли, нақадар олийжаноблиги мени ҳайратга солди. “Ижтимоий иш тарихи ва назарияси”, “Ижтимоий ишга кириш” фанлари орқали ушбу касб эгаларига бўлган ҳурматим янада ортди. Ҳозирги синовли даврларда ҳам устозларимизнинг биз учун ўтаётган онлайн дарслари таҳсинга сазовор бўлмоқда. Жумладан, Рахимжон Юсупов, Дилфуза Хакимова, Дилшода Солиева  каби жонкуяр домлаларимиз янги йўналиш ҳақида ўзларининг теран фикрлари, шахсий тажрибалари асосида дарс ўтиб, бизнинг ушбу фанга нисбатан кўникма, билим ва малакамизни оширишда катта хизматлари сингмоқда. 

 

Хўш. “Ижтимоий иш” деганда биз нимани тушунамиз? “Ижтимоий ишнинг амалий фаолият сифатидаги мақсади - мижознинг ҳар томонлама муаммосини ижтимоий ёндашиб, унинг жамиятда ўз ўрнини топишда амалий ёрдам бериши экан. Бу касб эгалари менинг тушунчамдаги нафақат “соғлиқни сақлаш ходим”лари, балки жуда катта қамровдаги давлат ва нодавлат ташкилот ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётган фидойиларни тушуниб етдим. Касб эгалари ўз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда “ижтимоий таъминот” ишларини амалга оширишади ва унинг бошқарилишини назорат қилишлари учун масъул бўлишлари лозим эканлигини билдим. Мазкур  йўналишда олий маълумотли мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйгач, ижтимоий иш ходимларини бандлигини таъминлаш самарали ташкил қилинса, ҳозирда босқичма-босқич ривожланиш йўлидаги ижтимоий иш, ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиздир. Айни кунларда мамлакатимиздаги барча соҳаларда ижтимоий иш ходимларига эҳтиёж сезилмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда булар қуйидагилардир: 

-ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, яъни нотинч оилалар билан ишлаш марказлари;

-оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳаётга қайтариш;

-оғир кечувчи сурункали касалликлари бўлган катталар ва болалар даволанаётган шифохоналар;

-нотинч оила фарзандларига ижтимоий, психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда, қўйинки, бир сўз билан айтганда Ўзбекистонимизда ижтимоий иш мутахассислари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишлари учун барча соҳаларда керакдир. 

Бу борада муҳтарам Президентимизнинг оила, хотин-қизлар ва кексаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги, самарали ишларини айтмай иложимиз йўқ. 2020йил 24 январ куни Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз Парламентига Мурожаатномаларида ҳам ижтимоий соҳани тубдан ўзгартириб, рақамли иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисида 2020 йилги устувор йўналишларни таъкидлаб ўтдилар. Илм-фанда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар учун, олимларимизга барча шарт-шароитлар яратилиб берилиши, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий қилиш баробарида, ижтимоий соҳаларни ҳам айтиб ўтдилар. Жумладан, Ўзбекистоннинг кам таъминланган аҳоли қатламини “камбағалликни камайтириш” дастури орқали ижтимоий ислоҳотни ўрганишни дастур доирасига киритдилар. “Ижтимоий суғурта ва ижтимоий тадбиркорлик асослари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниши ушбу Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган.  Бундан ташқари Президентимиз қишлоқ хўжалиги, туризм, спорт ва экология масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. 

Хусусан, 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938 сонли Ўзбекистон Президентининг “Жамиятда ижтимоий – маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” вазирлиги ташкил этилди. Маҳалла - аҳолини маъмурий ҳудудий бир қилиб жам қилиш, ўзини ўзи бошқаришнинг халқимиз анъанаси ва қадриятларига хос бўлган усулидир. Маҳалланинг вазифалари эса, маросимларни биргаликда ўтказиш, ўз ҳудудини батартиб сақлаш ва ободонлаштириш, ёш авлодни ватанпарварлик, ижтимоий руҳда тарбиялаш, жамият ҳаётида тартиб сақлашни таъминлаш, урф-одатларга риоя қилишдан иборатдир. Маҳалла аҳолисининг ҳам ижтимоий-иқтисодий,  ҳам маданий юксалишига ҳар томонлама ёрдам бериш, миллий анъана ва урф-одатларни бойитиш, маҳалладаги кам таъминланган оилалар, кексалар, фахрийлар, ногиронлар, кўп болали оилалар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ҳам маҳалла зиммасидадир. Ушбу фармоннинг 2- иловасидаги “мамлакатда обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”даги барча чора-тадбирлар турмуш фаровонлигини ошириш, ҳалқимиз келажаги учундир. 

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4653 сонли “Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш” вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори долзарб вазифалар ечимини топишда айни муддао бўлди. “Одамларни меҳнат қилиб, бой бўлиш ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишимиз зарур”- муҳтарам Президентимизнинг ушбу сўзлари халқимизнинг қалбини беҳад руҳлантириб юборди. Юқорида айтиб ўтилган “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” вазирлиги билан биргаликда фуқароларимизнинг яшаш шароитлари ва ижтимоий аҳволи ўрганилиб, ижтимоий аҳволи оғир аҳоли қатлами рщйхатлари тузиладиган бўлди. Кам таъминланган ва ишсиз аҳоли қатламлари асосан аёллар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касбий таълим бўйича уларни қайта тайёрлаш чора-тадбирлари кўрилди. 

Куни кеча эса Ўзбекистонда Социал туризм Ассоциацияси ташкил этилди. Ассоциация сайёҳларнинг барча тоифаларини қамраб олиш, уларга самарали хизмат кўрсатишни ўз олдига вазифа қилиб қўйди. Жумладан:

-имконияти чекланган юртдошларимиз ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун хайрия акциясини ўтказиш;

-имконияти чекланган шахслар саёҳат қилишлари учун шароитлар яратишга кўмаклашиш;

-инклюзив туризмни ривожлантириш доирасида болалар, ёшлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган кишилар учун туризм ҳамда экскурсияларни ташкил этишга кўмаклашиш, ушбу ассоциациянинг асосий вазифаларидан бўлиб ҳисобланди.

Буларнинг ҳаммаси ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришни кўзлаб амалга оширилмоқда. Жорий йилдан эътиборан мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳуқуқий асослари янгиланди. Муҳтарам  Президентимизнинг бу ижтимоий ҳимоя ислоҳотлари, у кишининг эзгу ишлари яъни муҳтожларга қайишуви, деб тушундим. Бу эса биз учун бобо мерос ўзбекона умуминсоний қадриятдир. Бу қадрият - ўзбек менталитетининг қон-қонига сингиб кетган. Мен ушбу ифтихорли “ижтимоий иш” касбини танлаганимдан, ушбу “саховатли”, “мурувватли” юртда яшаётганимдан фахрланаман.

 

Наргиза ҚОДИРОВА, 

СамДУ “Психология ва ижтимоий фанлар”

 факультети 107-“В” гурух талабаси

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM