БИЛИМ, КУЧ ВА ВИЖДОНИМИЗНИ НАМОЁН ЭТАДИГАН ПАЛЛА

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги биносида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашуви бўлиб ўтди.

-9 май - хотира ва қадрлаш куни, буюк ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан уруш фахрийлари хонадонларига бориш, ўтганларнинг пок руҳларини ёд этиш яхши анъанага айланган, - деди Г. Алимова,- Жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган қаҳрамон фахрийларимизнинг босиб ўтган йўли фидокорлик намунасидир. 

Шаҳар ҳокими уруш ва меҳнат фахрийлари ҳақида гапирар экан, уларнинг хонадонларидан хабар олиш лозимлигини айтди.

Мамлакатимизда маҳалла инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлашда катта ўрин тутади. Бугунги синовли кунларда одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашда асосий иш маҳалла гарданида, десак янглишмаймиз.

Коронавирус касаллигига қарши курашиш Республика махсус комиссиясининг кўрсатмасига биносан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилган эди. Шунга кўра маҳалла фуқаролари карантин талабларига риоя этишлари керак.

Шаҳар бозорлари ва савдо мажмуаларининг кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланган. Бунда ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, мазкур фуқаролар ушбу мажмуаларга киритишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилмоқда.

Шаҳар ҳокими касаллик юқиш хавфи юқорилигича сақланиб қолаётганлиги айтиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби муҳим соҳа ва тармоқлар ривожланмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳам эътироф этишимиз керак.

Каттақўрғон шаҳрида 1053 та оила камбағал деб рўйхатга олиниб, ўрганишлар натижасида улардан фақат 463 нафар оила ҳақиқий камбағал деб топилди.

Г. Алимова ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига эътибор бериш, уларни ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб этиш орқали камбағалликдан чиқариш лозимлигини таъкидлади.

Ҳар бир муҳим тадбирни маҳалласиз амалга оширишни тасаввур этиш қийин. Маҳалла ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келган.

Шаҳар ҳокими томонидан қўйилаётган долзарб масалалар маҳалла жамоатчилигининг кўмаги ва иштироги билан ўз ечимини топади, деб ишонамиз.

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM