“ЭЙ ҲАЁТ, АФСУС ЭМАС, ЁНСА СИРОЖИЙ БИР УМР...”

ёҳуд каттақўрғонлик Сирожиддиновлар сулоласи хусусида қайдлар

С.Сирожиддинов 1932 йилда Каттақўрғон туманининг Кичиккўрпа қишлоғида таваллуд топди. Тўлиқсиз ўрта мактабни битиргач, Каттақўрғон шаҳридаги педагогика билим юртига ўқишга киради. 1953 йилда ушбу билим юртни тамомлаб, ўзи таҳсил олган 13-сон тўлиқсиз ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. 1961 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлайди.

 Бадиий ижодга қизиқиш иқтидорли йигитни мактабдан газета таҳририятига бошлаб келди. У 1962-1975 йиллар давомида Каттақўрғон туман ва шаҳар “Зарафшон” ( ҳозирги “Каттақўрғон ҳақиқати”) ва вилоят “Ленин йўли” ( ҳозирги “Зарафшон”) газеталарида адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида ишлади. 1975 йилдан умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимининг раҳбари сифатида фаолият кўрсатди. Ижодкорнинг “Улуғ айём” деб номланган илк шеъри бундан 60 йил муқаддам, яъни 1957 йилда “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасида чоп этилган.

 

 С.Сирожиддинов бадиий ижодини адабий тадқиқот ишлари билан узвий боғлаб давом эттирди. У айниқса, Каттақўрғон тумани ва шаҳрида яшаб ижод этган ўтмиш шоирлар меросини тўплаш ва ўрганиш билан жиддий шуғулланди. Ана шу изланишлар самараси сифатида унинг Видоий, Шавқий, Мирий, Дилафкор, Аҳқар, Нурмон Абдивой ўғли каби кўплаб мумтоз адабиётимиз вакиллари, Абдулҳамид Мажидий, Тошпўлат Саъдий, Мамарасул Бобоев каби замондош шоирлар ижодий йўли ҳақида маҳаллий ва республика газеталарида, нуфузли журналларда мақолалари, илмий ахборотлари эълон қилинди. “Абдулҳамид Мажидийнинг ҳаёти ва ижоди” мавзуида илмий ишини ёқлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди.

 

 Самариддин Сирожиддинов қисқа муддатли ҳаётида баракали ижод қилди. Газета-журналларда, илмий тўпламларда публицистиканинг турли жанрларида яратига оид 300 дан зиёд мақолалари, “ Олтинсой лочини”, ”Камалак жилоси”,” “Аму жилолари”, “Мингчинор чироқлари”, ”Намоз”, ” Боботоғда янграган қўшиқ”, “Хумор” каби 30 га яқин йирик бадиий публицистик асарлари чоп этилди. У шоир, драматург, журналист, театр санъати ташкилотчиларидан А.Мажидийнинг адабий меросини тўплаб, ўрганиб унинг “Танланган асарлар” ини нашр эттирди. Ўз ижоди намуналарини саралаб, “Яшил япроқ”, “Армон” шеърий тўпламлари, “Нурли уфқлар” очерклар тўплами, “Абдулҳамид Мажидий” монографиясини китоб ҳолда чоп эттирди. Унинг қаламига мансуб “Қутқарилган қуёш”, “Абдулҳамид Мажидий” драмалари республика театрларида саҳналаштирилган.

 Каттақўрғонда устоз ижодкорни қаттиқ ҳурмат қилишар, унинг ғазалларини ҳофизлар қўшиқ қилиб куйлашар, тўй- маракалар, юбилейларда давранинг тўридан жой беришарди. Чунки С.Сирожиддинов туман-шаҳар ҳамда вилоят газеталарида ишлаган пайтларида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини кезган, юзлаб, минглаб кишилар билан учрашиб, уларнинг меҳнатини, ибратли ҳаётини, чин инсоний фазилатларини қаламга олиб, шуҳратини элга ёйган ва ўзи ҳам ана шу инсонларнинг қалбидан жой ола билганди.

Устоз “Абдулҳамид Мажидий” драмаси устида иш олиб бораётган кунларда камина ҳам у киши билан бир неча марта учрашиб, бу инсоннинг нақадар жиддий ва қаттиқ ишлаши, ўз ижодига ниҳоятда талабчанлик билан ёндошганларининг гувоҳи бўлганман. Ўшанда Самариддин ака тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш учун Абдулҳамид Мажидийни кўрган, билган, бирга ишлаган кишиларни излаб топган ва кўпчилиги билан узоқ суҳбатлашган эди. Ана шундай суҳбатлардан бири Каттақўрғон шаҳридаги “Қўшчинор” чойхонасида бўлиб ўтганди.

Самариддин ака шаҳардаги кексалар, санъаткорлар ва мутахассислардан суриштириб ахири Мажидий билан бирга ишлаган, унинг асарларида рол ижро этган Хидир бобо деган кишини топган ва уни суҳбатга тортган экан. Албатта у пайтларда диктофон деган нарса камдан кам учрар, борлари ҳам ярим соат-бир соатдан ортиқ овоз ёзиб олишга ярамасди. Радиожурналист сифатида мен фойдаланиб юрган репортёр аппарати эса янги батарея ўрнатилса, соатлаб ишлаши мумкин эди. Буни яхши билган устоз мендан ана шу ёзувни амалга оширишни илтимос қилди. Ва мен бу илтимосни бажонидил бажарган эдим. Шу боис бўлса керак, яъни устознинг изланишлари, чеккан машаққатли зое кетмай А.Мажидий ҳақидаги драма ҳам, мақолалар ҳам, илмий иш ҳам юқори баҳоланган эди.

 С.Сирожиддиновнинг шарқона тарбия олган ажойиб хонадон соҳиби экани, чин инсоний фазилатлари, бола тарбияси, меҳмондўстлик, меҳр- мурувват борасидаги қарашлари ўзи бир дунё. Шу боис фарзандларининг ҳаммаси ўқимишли, том маънодаги зиёли, меҳнатсевар, элпарвар кишилар бўлиб вояга етдилар.

 Самариддин Сирожиддиновга улуғ инсонларга хос бўлган хусусият-хокисорлик, бағрикенглик билан билан бирга ишонувчанлик, меҳрибонлик хос эди. Қанчадан қанча дўсту-шогирдлар, умуман нотаниш кимсалар у кишининг ҳимматидан, холис хизматларидан баҳраманд бўлганлар. Ва ҳанузгача буни миннатдорчилик билан эслаб юрадилар.

Муҳаммад АЛИ

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM