ШАҲАР ҲОКИМИ КАТТАҚЎРҒОНГА КЕЛГАН СИРДАРЁЛИК ОИЛА ХОНАДОНИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Айни кунларда бутун Ўзбекистон аҳолиси, барча юртдошларимизнинг эътибори, инсонпарварлик ёрдами, дую-хайрлари Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида бўлган талофат боис жабр кўрган юртдошларимизнинг аҳволини яхшилашга қаратилган.

Буни биз ўтган кунларда юртимиз бўйлаб Сирдарё вилояти томон йўналтирилган инсонпарварлик ёрдамлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Албатта бу хайрли ишларга каттақўрғонликлар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.

Бир неча кун олдин ушбу талофат боис уй-жойларидан ажралган оилалардан бири шаҳримиздан паноҳ топди. Шаҳримиздаги “Гўзалкент” маҳалласидаги хонадонлардан бирига жойлашдилар.

Бугун шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ушбу оилага ташриф буюрди ва уларнинг ҳолидан хабар олди. Ташриф давомида рўзғор учун керакли буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Улар билан суҳбат асносида шаҳар ҳокими оилани келгусида моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида барча имкониятларни ишга солиши ҳамда муаммоларни бартараф этишда каттақўрғонликларни ёрдамига таянишлари мумкинлигини таъкидлади.  

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM