Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш: Камбағалликни тугатишимиз зарур

Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Охирги уч йилда уни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г. Алимова маҳалла раислари билан учрашувда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар, хотин-қизлар, оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги,  маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди. Айниқса камбағал, ўрта хол оилалар ҳақида тўхталганда, уларни доимий иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда маҳаллаларнинг ўзида ҳам қатор муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шаҳар ҳокими маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади.

Йиғилиш сўнгида “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларда сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM