МАҲАЛЛА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТНИ БОҒЛАГУВЧИ МУСТАҲКАМ КЎПРИК БЎЛМОҒИ ДАРКОР

Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этилиши, хонадонлар, шунингдек ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни беқиёсдир.

Маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган муҳим ўрнини ҳисобга олиб, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун Каттақўрғон шаҳрида мавжуд 36 маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан яккама-якка суҳбат ўтказди.

Ҳар бир маҳалла раиси вилоят ҳокими билан мулоқот қилар экан, айни дамда маҳалла фаолият кўрсатаётган бино, унинг моддий базаси бўйича Эркинжон Турдимовга ахборот берди. Вилоят ҳокими ўз навбатида маҳалладаги маънавий муҳит, жиноятчилик ва хуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича қизиқди.

“Қўшҳовуз” маҳалласи раиси С.Нигматова, “Ноқис” маҳалласи раиси Ф.Абдуллаевалар ҳудудларида асфальт қилиниши лозим бўлган кўчалар тўғрисида гапирдилар. Бошқа маҳалла оқсоқоллари олдиларида турган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида фикр билдиришди.

Ҳар бир ҳолат бўйича тегишли равишда ўрганиш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова  лойиҳа- таклиф тақдим этадиган бўлди.

Эркинжон Турдимовнинг фикрига кўра, маҳалла давлат ва жамиятни боғлаб турувчи кўприк бўлмоғи даркор.

-Маҳалла раиси аҳоли ҳаёти билан боғлиқ барча масалаларни хал қилувчи, маданий ва маънавий қадриятлари билан ажралиб турадиган ижтимоий тузилма сифатида ўрин эгаллаши керак.

Маҳалла институти ва у томонидан амалга оширилган ваколатлар масаласи ўтмишда Шарқ мутафаккирлари – олимлар, давлат ва жамоат арбобларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган. Хусусан, Муҳаммад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломалар асарларида адолатли жамият ва инсоннинг қадр-қиммати улуғланиши билан бир қаторда жамоа (маҳалла) бўлиб яшаш тарзи, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, жамоа томонидан амалга ошириладиган вазифа ва ваколатлари тўғрисида кўп фикр-мулоҳазаларни учратиш мумкин. Бу фикрлар ҳамма вақт ҳам инсониятнинг эътиборини ўзига жалб қилиб келган ва унинг жамиятдаги ўз ўрнини белгилаб олишида муҳим аҳамиятга эга бўлган.- деди вилоят ҳокими Э.Турдимов.

Суҳбат сўнгида  ҳар бир маҳалла бўйича аниқ манзилли режа ишлаб чиқиладиган бўлди.

Хулоса қилиш мумкинки, маҳаллалар ҳудудларни ободонлаштириш, саранжом-саришта қилиш, уларни озода тутишни назорат қилиш, аҳолига ёрдам кўрсатиш ва бошқа шу каби савоб ишлар давом эттирилади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, халқимизнинг миллий табиати, азалий анъаналари ва қадриятларига асосланган маҳалла ўзининг узоқ тарихида ҳеч қачон айни давридагидек алоҳида эътиборга сазовор бўлган эмас.

Ўзбекистонда маҳаллаларга эътибор бериш, уларнинг таълим-тарбиявий ҳуқуқий мақомини ошириш, ўзини ўзи бошқариш,  оилаларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш сингари масалалар бўйича халқ меҳр-муҳаббатини қозонишида янги давр бошланди. Яхши ишлар кўпаяверсин.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM