УЙДА ЎТИРИБ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ, СИЗЧИ?

Айни кунларда бошқа мамлакатлар сингари халқимиз бошига тушган коронавирус пандемияси аталмиш синовни биргаликда енгиш ва унга қарши курашишда ҳамжиҳатлик билан иш олиб борилмоқда. Қўлидан келган инсон борки карантин сабабли уйда ўтирган кам таъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзмоқда. Саховатпеша тадбиркорлар, имконияти бор инсонлар ана шундай оилаларга саховат, меҳр-мурувват улашмоқдалар.

Лекин бугун биз уйда ўтирган болаларнинг бўш вақтлари қандай ўтаётганлиги, дарс машғулотларини қандай бажараётганликлари билан қизиқиб бир қатор оилаларга ташриф буюрдик. Зеро бугун барча болалар ота-оналари билан уйда ўтирибди. Шаҳримиздаги “Ғарб Мачит”, “Ноқис” ва “Дамариқ” маҳаллаларида яшовчи оилаларнинг фарзандларига бадиий китоблар тарқатиш асносида уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашдик.

- 5 нафар фарзандим 4 умумтаълим мактабида таҳсил олади. Ҳозирда уйда болаларимни дарсларини назорат қилишга ҳаракат қиляпман. Синф раҳбарлари билан ҳам гаплашиб турибман. Албатта биз ҳам белгиланган тартиб- қоидаларга амал қилишимиз, фарзандларимизни дарсларини назорат қилишимиз, тозаликка, санитария талабларига амал қилишимиз орқали касаллика қарши курашишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак, -дейди “Дамариқ” МФЙ да яшовчи фуқаро Мансур Юлдошев.

Албатта ҳозирда уйда ўтирган ота-оналар фарзандларининг вақтларини бекор ўтказишларига йўл қўймасдан, улар билан кўпроқ суҳбатлашишлари, бўш вақтларида китоб мутолаа қилишга ундашлари мақсадга мувофиқ. Зеро, китоблар инсонни эзгуликка чорлайди, юксак дунёқарашни шакллантиради. Китоб билан ошно бўлган ҳар бир қалбда меҳр ва садоқат, инсонийлик, сабр-тоқат,  раҳм-шавқат, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат каби эзгу амаллар ҳамроҳ бўлади.

 

Ҳилола ЭРГАШЕВА

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM