“КАТТА БОЗОР” ОСУДА

Аввал хабар қилганимиздек, Ҳукуматимизнинг жойларда нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик бўйича топшириғига асосан Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги бошчилигида нархларнинг ўзгариши устидан назорат қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳлари тузилган эди.

Бугун Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова “Деҳқон” бозорида бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавотлар билан савдо қилувчи тадбиркорлар билан учрашди. Харидорлар билан суҳбат қилинди.

Бозорлар ва савдо комплексларида  тадбиркорлар билан  ўтказилган тушунтириш ишлари натижасида маҳсулотлар нархларининг асоссиз ошиб кетмаслиги қатъий назоратга олинди.

Шаҳар прокуратураси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси  ва бошқа тегишли идоралар бозор маъмурияти билан ҳамкорликда бозорда нарх-навонинг асоссиз ва сунъий ошишига йўл қўймаслик устидан қаттиқ назорат ўрнатган.

Марказий деҳқон бозорида барча озиқ-овқат маҳсулотлари етарли даражада заҳира қилинган. Бозор раҳбарияти нархларнинг сунъий равишда ошириб юборилишини олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда.

Бозорда савдо эса ҳеч қандай ваҳимасиз, одатдаги кўринишда давом этмоқда.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган, бошқа шаҳарлардаги бозор ва савдо расталарида озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий равишда оширишни кўзлаётган бир гуруҳ “тижоратчилар” ва харидорларнинг муносабатлари каттақўрғонликларни норозилиги ва нафратига сабаб бўлмоқда.

Халқ орасида саросима келтириб чиқарадиган, ваҳима уйғотадиган бу каби ҳар бир ҳолатга нисбатан кескин чоралар кўрилишига ва тартиббузарларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилишига ишонамиз.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM