ЎЗБЕКИСТОНДА ФИСКАЛ ИНСТИТУТ ТАШКИЛ ЭТИШ РЕЖАЛАШТИРИЛМОҚДА

Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этиш таклифи эълон қилинди. 2020−2021 ўқув йилида 420 киши бакалавриат йўналишига ўқишга қабул қилиниши кутилмоқда.

«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида янги олий таълим муассасаси ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли президент қарорининг лойиҳаси Regulation.gov.uz порталида эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, ташкил этилиши кутилаётган Фискал институт 2020−2021 ўқув йилида 420 та бакалавриат талабасини қабул қилади. Улардан 130 нафари давлат гранти, 290 нафари тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади. Магистратура йўналишига эса 5 киши давлат гранти ва 21 киши тўлов-шартнома асосида ўқиш имкониятга эга бўлади.

Институт «Солиқлар ва солиққа тортиш», «Молиявий назорат ва аудит», «Солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи», «Иқтисодиётда ахборот технологиялари» таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлайди. Шунингдек, олийгоҳда Россия ҳукумати ҳузуридаги Молия университети бўлинмаси (факультети) ташкил этилиши кутилмоқда.

Фискал институтни ташкил этиш мақсадида Жаҳон банки томонидан 10 млн доллар миқдорида кредит ажратилади.

Институт бошқаруви Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM