ОБОДЛИК ВА ОРАСТАЛИК ДИЛЛАРГА КЎЧМОҚДА

Халқимизнинг ўзига хос бўлган миллий қадриятлари, урф-одатлари бор. Ҳар бир ўзбек хонадонига меҳмон келиши билан, турли байрамларимизни нишонлаш олдидан озодалик, ободончилик ишлари амалга оширилади. Азалдан баҳорнинг кириб келиши табиатнинг уйғониши  билан уйғунлашиб кетади. Далалардаги яшиллик, атрофдаги янги экилаётган гуллар, дарахтлар, хонадонлардаги орасталик, кўчалардаги ободлик дилларга ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Бугун юртимиз бўйлаб давом этаётган умумхалқ ҳашари доирасида шаҳримизда амалга оширилаётган ободлик ва орасталик дилларга завқ бағишламоқда. “Наврўз”  байрами арафасида шаҳримиздаги маҳаллалар, ташкилотлар, муассасаларда ўтказилаётган умумхалқ ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳашарида фуқароларимиз фаоллик кўрсатмоқдалар. Шу муносабат билан жойлардаги дарахтлар оқланмоқда, манзарали ва мевали дарахтлар, гуллар кўчатлари экилмоқда, кўчалар, уйларнинг атрофлари тозаланиб, ариқлар қазилмоқда.

Маҳаллалар ҳудудида амалга оширилаётган ҳашарда ҳам ҳамшаҳарларимиз фаол қатнашмоқдалар. Улар иштирокида ҳовлиларнинг атрофлари тозаланди, кўчалар, ариқлар бўйидаги чиқиндилар олиб ташланди. Шаҳар ҳокимлигининг “Маҳалла ва оилани қўллаб қўвватлаш” бўлими ташаббуси билан шаҳримиз маҳаллаларидаги якка-ёлғиз кексалар хонадонларида ҳам ҳашарлар уюштирилди ва уларнинг ҳолидан хабар олинди. Жумладан “Оқ-олтин” маҳалласидаги 95 ёшли Абдурахмонова Ойша она, Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Махмудова Маҳбуба она, “Дамариқ” маҳалласидаги Қурбонова Мархабо она, “Ўрикзор” маҳалласидаги Александр Ванин, “Баҳористон” маҳалласида яшовчи 97 ёшли Шодиева Мавлуда оналар бугун уларнинг ҳолидан хабар олиб, хонадонларида ободончилик ишларида қатнашган ҳамшаҳарларимизга чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар.

Маҳаллаларимиздаги яна бир қадриятларимиздан бири байрамлар олди қабристонларда ҳам тозалаш ишлари амалга оширилади. Бугун шаҳримиздаги мавжуд қабристонларда ҳам ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Азизхўжа номидаги халқ қабристонида ҳам қабрлар атрофи тозаланиб, кириш йўлакларига 56 та арча кўчатлари экилди.

“Оқ олтин” ва “Гўзалкент” маҳаллалари ўртасида жойлашган “Сармозор” халқ қабристонида ҳам шаҳримиздаги Ҳарбий қисм аскарларининг саъй-ҳаракатлари, ёрдамлари билан кенг кўламдаги тозалик ишлари олиб борилмоқда.

 Мана шундай кўкаламзорлаштириш, ободончилик ишлари доирасида шаҳримиздаги “Марварид” сиҳатгоҳида ҳам 500 га яқин мазарали дарахтлар экиш режалаштирилган бўлиб, уюшқоқлик билан давом этаётган ҳашар доирасида манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилиб, дарахт ва буталар оқланди.

3-мумтаълим мактабида ҳам умумхалқ ҳашари кўтаринкилик билан ташкил этилди. Мактаб атрофидаги дарахтларга ишлов берилди. 55 та дарахт кўчатлари, гул кўчатлари экилди, йўлаклар оқланди. Энг муҳими ҳашарда иштирок этаётган барча-барчанинг ўз ишидан мамнунлиги юз-кўзидан кўриниб турибди.

Бугун шаҳримиз бўйлаб барча ташкилот, идора, муассасалар, хонадонларда мана шундай ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари дилларга ҳушнудлик, кўтаринкилик бахш этган ҳолда давом этмоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM