«ОЗОДЛИК» КИМНИНГ ДАРДИГА МАЛҲАМ?

Image_tadbir: 

«ОЗОДЛИК» КИМНИНГ ДАРДИГА МАЛҲАМ?
Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини хилма-хиллиги, танқидий ва таҳлилий, ижобий – ғоявий қарашларини ўз нуқтаи назаридан қатъи назар намойиш этиб боради. Чунки, демократик жамиятнинг белгиларидан бири – эркин матбуотдир. Ва у омманинг объектга нисбатан вужудга келган, ўнга-сўлга чайқалиб турган фикр ва муносабатларини холис халққа тақдим этиши, унинг яхши ва ёмонлиги юзасидан хулоса қилишни кишининг ихтиёрига ҳавола қилмоқлиги даркордир.
Сўнги пайтларда ОАВларининг, айниқса интернет журналистикасининг обрўи ортди. 
Кундалик нашрлар бир янгиликни қабул қилиб, уни газета-журналга босишга қарор қилгунга қадар ушбу хабар ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб халқ муҳокамасига чиқиб улгуряпти. Қизиғи, кўтарилаётган муаммоларга масъул раҳбарларнинг яшин тезлигида муносабат билдириши, кишиларда барча муаммоларнинг ечими ОАВ орқали чиқишда дея тушунчага сабаб бўляпти. Айниқса, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, мансабдор шахсларнинг ваколатларидан ортиқча ҳаракатлари ортидан юзага келган қалтис, нозик ҳолатлар муҳокамаси ортидан адолатли ечимлар “тўртинчи ҳокимият”нинг кучини намоён этди. Жамоатчилик фикри эътиборга олингани кўриниб қолди.
Буларнинг барчаси яхши, албатта.
Аммо ҳар қандай содир бўлган воқеа ва муаммоларни инкор этмаган ҳолда унинг илдизлари қаерга бориб тақалаётгани билан қизиқиш зарур. Уларнинг асосан, шаҳар, вилоят борингки, бутун мамлакат миқёсида ечимини топиш имкониятини чамаламай туриб бутун дунё назар соладиган Америка ва Европа нашрларида бонг урилиши ачинарлидир. 
Ўзбеклардаги “Яхши келин уйдаги гапни ташқарига чиқармайди” деган фалсафасининг маъносидан келиб чиқиб, жаҳон миқёсидаги информацион агентликларнинг назарига салбий томондан, сурункали равишда кўриниб туриш мамлакатимиз шаънига доғ туширади.
Давлатимиз ичкарисидаги муаммолар хусусида БИ-БИ-СИ, “Озодлик”, “Америка овози” каби жаҳоннинг етакчи ОАВлари орқали чиқишлар қилиш жуда расм бўлди. Аввалида оддий маиший муаммолар намойишидан бошланган хабарлар кейинчалик жамиятни тўлқинлантирадиган, қалбларни жунбушга келтирадиган эмоционал материалларга айлана борди. Мақолаларни бу тарзда шошма-шошарлик, тезлик билан ёритилиши ҳақиқатни намойиш этувчи айрим деталларни эътибордан четга чиқаришига, ўқувчининг воқеа юзасидан бир ёқлама фикр юритишига сабаб бўлди. Масалан, каттақўрғонлик “ечинтирилган аёл” воқеасини ёритганда аёлнинг сурункали равишда такрорий жиноят содир этгани ҳақида лом-мим дейилмагани ИИБ ходимига нисбатан юмшатиш муносабатлари шаклланишига йўл қўйилмаганлига, унга нисбатан фақат монотоник –салбий ҳиссиётлар шаклланишига сабаб бўлган. 
Ундан кейин “ЙПХ ходимининг ҳаракати”, ”Боғчадаги аҳвол”, “Қизнинг машина капотида сайри” ва  “Ўзини ёққан аёлнинг машмашаси”, “Участка можароси” каби видеороликлар “Озодлик” канали орқали тарқатилганлиги нимадан дарак беради?
Мазкур материаллар ости изоҳларига қарасангиз унинг томошабинлари асосан салбий маълумотлардан безганлиги, меъдасига текканлиги сезилиб қолади. Айрим интернет фойдаланувчиларининг иддаосича “уйдаги гапни ташқарида чиқаришда” каттақўрғонликлар олдинда. Афсуски, бу аччиқ ҳақиқат. Физика фанида “Қайтиш эффекти” қонунияти бор. Айни пайтда ушбу ҳолат юз бермоқда. Аввалида қизиқ, эксклюзив туюлган маълумотлар эндиликда бачканалик, эзмаликка ўхшаш туйғуларни эслатувчи информацияга айланиб қоляпти.
Бу нарсага чек қўйиш, “товуғи оқ эмас қизил тухум туғганида” буни оламга жар солишдан олдин ақалли, ақли расо дўсти, қўшниси, ака-укалар билан маслаҳат солиши, баъзи бир ҳодисалар нафақат унинг хонадонида жаҳоннинг 6 млрд. аҳолиси яшаётган  инсонлар билан ҳам рўй бериши мумкинлиги ҳақида фикр юритмоқликлари мақсадга мувофиқдир.

Тажрибали журналист, оддий блоггер шов-шув, сенсацион хабар қидиришни яхши кўради. “Фейсбук”да фейк профиллар очиб олган баъзи “сиёсатшунос”лар истаган хабарини хоҳлагандек шарҳлайди. Натижада ахборот тарзидаги оддий мақола миллионлаб инсонларнинг наздида правокацион, тарафкашлик руҳидаги информацияга айланади. Кўпинча шундай. Бунақа ахборот билан суғорилган жамиятда талваса, норозигарчилик, инқилобий кайфият ҳукмрон бўлади. Бу кимлар учундир ниҳоятда қадрланадиган жараёнлардир, биз учун эмас.
Янгиликни, айниқса, Каттақўрғон номи билан боғлиқ ҳодисани “тандирдан узилган нондек” биринчи полосаларда бериш урф бўлди. Бу ҳолат яхшиликдан дарак бермайди. Жамоатчиликнинг информация олиш ва уни тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқларини паймол этиш фикридан йироқман.
Аммо, каттақўрғонлик сифатида бутун дунёга “машҳурлашганимиздан” безиб, истеҳзоли, кинояли изоҳлардан, шармандали хитоблардан мулзам бўлган инсон сифатида сўрамоқчиман:
- Биз қаерга қараб кетмоқдамиз? Маҳаллий ёки республикамиз даражасидаги нашрлар дардингизга дармон бўлмаяптими? Агар дардимизни оламга дастурхон қилсак, олам даво бўлармикин?
Биз Африкада ёки учинчи давлатларда хаос шароитида яшаганимиз йўқ. Қани “Фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат?” Қани маънавият , “ўзбекчилик” қани тарбия ҳақида соатлаб маъруза қилгучи нотиқлар? Қани эртаю-кеч жимжимадор тренинг – семинар ўтказиб, суратларини бирма-бир интернетга юклагувчи жамоат ташкилотлари?
Агар биз бугун “халқимизни дардига дармон бўла олмасак, эртага шифокорлар чет элдан келиши мумкин”. Биз шунга муҳтожмизми?
Нима дейсиз, ёки ҳақиқатдан ҳам чет элнинг хўрозқанди яхшимикан?
Жамшид НОСИРОВ

2015-2024 © Хокимият города Каттакургана. Разработан в: SAKTRM