СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ОИД ФАРМОН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Мазкур фармонда суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилмоқда:

1. Вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди.

2. Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш. Бунда:

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади;

туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

3. Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш.

2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.

4. Прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан:

прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш;

прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

5. Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш. Хусусан:

суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади;

БМТ нинг махсус маърузачиси Д.Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилган.

Бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.

2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркибини тузиш.

2019 йилнинг ўзида иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари билан боғлиқ 3 мингга яқин, рақобатга оид 30 дан ортиқ ишлар кўрилган.

Молия вазирлигига суд тизимининг судьялари ва ходимларининг моддий таъминотини 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказиш ва уларнинг иш

ҳақини ошириш бўйича таклиф киритиш топширилмоқда.

Хорижий давлатларда суд тизимининг моддий таъминоти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Судлар тайинлаган жарима ва давлат божларининг 40 фоизи (ўртача 260 млрд сўм) суднинг бюджетдан ташқари фондига йўналтирилмоқда ва унинг ҳисобидан ўзларига иш ҳақи берилмоқда.

Тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

4 та туман иқтисодий судлари тугатилмоқда;

Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом

5 та туман фуқаролик судлари ташкил этилмоқда;

Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор

4 та туман жиноят судлари ташкил этилмоқда.

Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа

Мазкур Фармонни қабул қилиниши:

- суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга;

- суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга;

- инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга;

- суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Жаҳонгир АРСЛОНОВ

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят

судининг судьяси

Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ,

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси 

2015-2024 © Хокимият города Каттакургана. Разработан в: SAKTRM