МУШТУМЗЎРЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир раҳбарнинг қандайдир “айби” учун ўз ходимларини ҳақорат этиб турганини акс этган видеоролик яшин тезлигида тарқалди. Интернет фойдаланувчиларнинг норозигарчилиги ва катта баҳс-мунозарага сабаб бўлган мазкур воқеа Республика мутассадиларининг назарига ҳам тушишга улгурди. 
 Бу ҳолатни кузатиб  “ўзи хон- кўланкаси майдон” амалдорнинг бу ножўя ҳаракатидан қанчалик ғазабга тушган бўлсам, миллатимиз, ўзлигимиз ва  ғуруримизнинг қай аҳволга келиб қолганлигидан жуда афсусландим. 
 Хизмат юзасидан бир кунда турли эшикка бош суқишга, ҳар хил даражадаги кишилар билан суҳбатлашишга тўғри келади. Ана шундай дамларда баъзи бир раҳбарларни ўзини тутиши, бошқаларга нисбатан менсимай муносабатда бўлиши, Президентимиз Ш.Мирзиёевни таъбири билан айтганда “оёғи ердан узилиб”, ғуддайиб юришини кўриб ёқамни ушлайман. Президентимизнинг чикишларида бот-бот такрорланаётган бу мансабдорларнинг раҳбар креслосида ўтиргандан кейин юриш-туришларида ўзгаришлар сезилиб қолаётганлигини амалда ҳам кўряпмиз. Давлатимиз хизмат хонасидан – машинасигача таъминлаб қўйиб, халқимизга халол хизмат қилишига чорлаб турганда, саломга алик олмай, такаббурона юришлар, қўпол муомалаларни қаерда ўрганаишади экан, деб ўйланиб қоламан. 
Халқимиз оддий, хушмуомила ,очиқ халқ.  Агар немис, инглис ёки рус миллатига мансуб кишилар шундай ҳолатга тушса, кандай йўл тутган бўлар эди деб савол берсангиз, жавоби дархол ўзингизга маълум бўлади. Улар ҳеч қачон бунга йўл қўймайди.
Бизнинг ўзбек миллатини ҳамма нарсага хўп-хўплашимиз, тавозеда бўлишимиз, барчага хушмуомала бўлишимизнинг окибати ёки миллий менталитетимизнинг унсурларими бу? 
Ривожланган асрда,  мамлакатимиз ўта шиддат билан бошка давлатлардан бир қадам олдинга бўлишга интилаётган вактда бу каби иллатлар борлиги илдизга болта уришга баробар эмасми?
Бир раҳбарнинг бошқа раҳбарни сўкишга ёки уришга маънавий ҳаққи бормикан?  
Демократик хуқукий давлат барпо этяпмиз. Ушбу жараёнга ҳар биримиз хисса қушайлик, янги замонга ҳамнафас бўлиб, дунёқарашни ўзгартирайлик. Зеро, ғарб мутаффакири Г.ЛИХТЕНБЕРГ айтганидек, ўз хатоларимизни билиб олсак, улар бизга қўрқинчли бўлмай қолади.
Жамшид НОСИРОВ.

2015-2024 © Kattaqo'rg'on shahar hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM