ТУҲМАТ ВА ҲАҚОРАТ УЧУН ЖАЗОНИ ЕНГИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

АОКА туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади. Қонунчиликка интернетда туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни киритиш режалаштирилмоқда.

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазоси билан боғлиқ нормаларни Жиноят кодексидан чиқариб ташлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Бундай тузатишларни тайёрлаш бўйича топшириқ президент Шавкат Мирзиёевнинг декабрда имзолаган фармонидан ўрин олган эди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми санкциясидан (туҳмат) 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда. Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 дан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари кўринишидаги жазо чораларини сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, ушбу қисмга «Интернет тармоғи ахборот ресурслари орқали» туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик бириктирилади.

 

Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; хавфли рецидивист томонидан; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса) санкциясидан 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо билан боғлиқ меъёр чиқариб ташланади. Улар ўрнига БҲМнинг 400 дан 500 барваригача жарима ёки 300 дан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари кўринишидаги жазо чораларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисмини (ҳақорат қилиш) таҳрир қилиш ҳамда унга интернетни киритиш таклиф қилинмоқда: ««Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда, оммавий ахборот воситалари ёхуд Интернет тармоғи ахборот ресурслари орқали ҳақорат қилиш — БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади».

Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмидаги «а» бандини (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси 2-қисми (ҳақорат қилиш) сифатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказиш тавсия этилади. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун 1 йилга озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ўрнига БҲМнинг 40 дан 60 бараваригача жарима таклиф этилмоқда.

Ушбу модданинг 3-қисми қуйидагича янгиланади: «Шундай ҳаракатлар хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса — БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади». 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чиқариб ташланади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасини қуйидагича таҳрир қилиш таклифи илгари сурилди: «Оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи ахборот ресурслари берган хабарлар

Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек оммавий ахборот воситалари ёки Интернет тармоғи ахборот ресурсларига йўлланган, лекин эълон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади.

Жиноят тўғрисидаги хабарни эълон қилган ёки тегишли жойларга юборган оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи ахборот ресурслари, шунингдек бу хабар муаллифлари суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг талабига асосан ўз ихтиёрларида бўлган ҳужжатларни ва хабарни тасдиқловчи бошқа материалларни тақдим қилишлари шарт".

 

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM