БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ ЧАЛИНДИ

Image_tadbir: 

Мароқли ёзги таътилдан сўнг янги ўқув йили бошланди. Қўлларида гул, қалбда ҳаяжон билан севимли мактаби томон ошиқаётган ўқувчи-ёшларнинг севинчлари чексиз. Бугун шаҳримиз ёшларини ўз бағрига чорлаган барча умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалинди.

Биз ҳам болажонларнинг хурсандчилигига шерик бўлиш мақсадида шаҳримиздаги 2-умумтаълим мактабига ташриф буюрдик. Муассасада “Мустақиллик байрами” ва “Билимлар куни” муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбири “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ташкил қилинди.

Тадбирда шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Алишер Маматов, шаҳар прокурори ёрдамчиси Жаҳонгир Умаров, шаҳар Халқ таълими бўлими бошланғич таълим услубчиси Замира Ҳалилова, ота-оналар, маҳалла ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, мактабнинг собиқ битирувчилари иштирок этдилар.

Дастлаб ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлардан иборат байрам дастури намойиш этилди. Ўз меҳнатлари, билим ва малакалари билан ўрнак бўлган мактабнинг бир қатор устоз педагоглари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Жорий ўқув йилида мактабнинг 1-синфига 145 нафар ўқувчи қабул қилинди. Тадбир давомида мактабга илк қадам қўяётган ана шу болажонларга Президент совғаси мактаб ўқув қуроллари тақдим этилди.

Шундан сўнг ўқувчиларни биринчи дарс сари чорловчи қўнғироқ чалинди. Мактабнинг юқори синф ўқувчилари биринчи соатларини “Мустақиллик дарси” билан бошладилар. Шаҳар Адлия бўлими бошлиғи А.Маматов ҳамда шаҳар прокурори ёрдамчиси Ж.Умаровлар мустақиллик дарси давомида мустақиллик тушунчаси, мамлакатимизда ўтган 28 йил давомида эришилган ютуқлар, барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари, келажагимиз бўлмиш ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар хусусида сўз юритдилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM