ХАЛҚ ИШОНЧИ ОЛИЙ САОДАТ

Маълумки, ушбу ойида мамлакатимиз бўйлаб сайлов жараёнлари, яъни маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг сайловлари бўлиб ўтди. Бу йилги сайловлар янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ташкил этилди. Ушбу қонунга кўра янги сайланган маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилга узайтирилди. Шунингдек, қонунда сайловлар яширин овоз бериш йўли орқали амалга оширилиши ҳамда ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган сайловларнинг фақат май ойида бўлиб ўтиши белгилаб қўйилган.

Тегишли нормалар асосида ўтказилган сайлов жараёнларида шаҳримиз фуқаролари ҳам фаол иштирок этдилар. Ўйлаймизки, шу кунга қадар шаҳримиздаги 35 та маҳаллада бўлиб ўтган сайловларда маҳалла фуқаролари албатта, ўзлари ишонган, халқ дардини ўзининг дарди деб биладиган, масъулиятли, маҳалла аҳлини орқасидан эргаштира оладиган, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда маҳалласининг фаол иштирокини таъминлай оладиган ва ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган муносиб номзодларга овоз бердилар.

Сайлов натижаларига кўра “Кўҳнадам”, “Зарафшон “, “Ермачит”, “Баҳористон”, “Миёнкол”, “Сўфи Оллоёр” ва бошқа бир қатор маҳалла фуқаролари йиғинларининг раислари янгидан сайланди ва қолган маҳаллалардаги раислар қайта сайландилар. Биз шаҳримиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг эл тинчлиги, маҳалла ободлиги ва фаровонлиги, маҳалла аҳлининг бахтиёрликда ва тотувликда кун кечиришлари йўлидаги машаққатли фаолиятларида  муваффақиятлар тилаган ҳолда, янгидан сайланган маҳалла раисларидан айримлари билан бўлган суҳбат давомида билдирган фикр-мулоҳазалирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Насриддин РЎЗИЕВ,

Сўфи Оллоёр МФЙ раиси

Маҳалла жамиятнинг кичик бир бўлаги. Ана шу бўлаклар бирлашиб бутун бир жамиятни вужудга келтиради. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси эса ана шу маҳаллада туғилиб, вояга етади. Маҳаллага бош-қош бўлиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, вояга етмаганлар, хотин-қизлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар билан ишлаш уларнинг дардига малҳам бўлиш бу албатта масъулиятли иш. Бугунги кунгача шаҳримиздаги маҳаллаларда бўлиб ўтган маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловида раисликка сайланган номзодлар фаолиятлари давомида мана шу масъулиятни дилдан ҳис этиши лозим. Шундагина маҳалла аҳлининг ишончини оқлаш мумкин. Шу ўринда бизнинг Сўфи Оллоёр маҳалламиз фуқароларининг менга ишонч билдириб, маҳалла раислигига сайлаганлари менда ҳам  бу масъулиятли ишга сидқидилдан киришиш ҳиссини янада оширади.

Шуни инобатга олган ҳолда, маҳалла фаоллари ва масъуллари билан биргаликда келгусида маҳалламизда маънавий-маърифий ишларни кучайтириб, фуқароларимизнинг яхши ҳаёт кечиришлари, мавжуд муаммоларини вақтида ҳал этилиши, ёшлар билан боғлиқ масалалар, аҳоли бандлиги, оилаларда соғлом турмуш тарзини  шакллантириш борасидаги масалаларни ҳал этилишини таъминлаш учун бор куч – ғайратимизни ишга соламиз.

Абдулло Джўраев

“Меҳржон” МФЙ раиси

Маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни вақтида ҳал этиш, ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизлар, қариялар, ёшлар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, нотинч оилалар билан ишлаш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз.

Шунингдек, маҳаллада ичимлик суви, газ ва электр энергияси билан таъминлаш, қарздорлик борасидаги масалаларни ҳал этилиши, аҳоли ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ҳунармандчилик, паррандачилик, шаҳсий томорқа хўжалиги билан шуғулланиш масалаларида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширилиши ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барақарорлигини таъминлаш мақсадида маънавиятимизга зид иллатларни олдини олишга қаратилган маданий-маърифий ва тарбиявий тадбирларни кўплаб ўтказилиши албатта маҳаллада соғлом муҳитни яратиш ва фуқароларнинг муаммоларини ҳал этилишини таъминлашда муҳим омиллардан ҳисобланади.

Албатта, “Меҳржон” маҳалласини намунали маҳаллага айлантириш борасидаги фаолиятимда юқоридаги омилларга кўпроқ эътибор қаратган ҳолда, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боришга ҳаракат қиламан.

Суннат Джамилов

“Баҳористон” МФЙ раиси

Бугун мамлакатимизда жамиятнинг кичик бир буғини сифатида маҳаллаларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Йилдан йилга маҳаллаларимиз янада чирой очиб кўркам бир масканга айланмоқда. “Обод маҳалла” дастури доирасида маҳаллаларда кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Буларнинг бари албатта маҳалла аҳлининг бахтиёрликда, фаровонликда ва тўкинликда яшашлари йўлидаги сайъ-ҳаракатлардир.

Аҳолининг муаммоларини уйма-уй юрган ҳолда аниқлаш ва бартараф этишда маҳалланинг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Бу борада унинг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши муҳим ҳисобланади. Яқинда юртбошимиз томонидан чиқарилган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра “маҳалла-сектор-Халқ қабулхонаси-маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий этилди ва унинг йўналишлари белгилаб берилди.

Шунингдек, фармонга кўра маҳалла раислари(оқсоқоллари) ва маслаҳатчиларига муҳим вазифалар билан бирга имтиёзлар, фаолиятларини самарали ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиб берилди.

Албатта, биз бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз маҳалламизни намунали маҳаллага айлантириш, бу ерда яшовчи фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилаш чораларини кўришимиз ва оилаларимизнинг фаровон ва тинч-тотувликда яшашлари йўлида бор имкониятларимизни ишга солишимиз лозим. Зеро, маҳалланг тинч, сен тинч деб бежиз айтилмаган.

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM