ШОИРА ЭРКАТОШ ШУКУРОВАНИНГ “РАНГЛАР ОРАЛАБ” КИТОБИ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ 

Каттақўрғон ўзининг бой маданий - маънавий, адабий муҳити билан республикада ўз ўрнига эга шаҳар. Шаҳримиздан Республикада танилган жуда кўплаб ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар етишиб чиққани фикримизнинг исботидир.

Бугун шаҳримиздаги ана шундай етук ижодкорлардан бири, шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси  Эркатош  Шукурованинг ижод маҳсули, “Ранглар оралаб” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Шаҳримиздаги 11-ИДУМ томонидан ташкиллаштирилган ушбу тадбирга шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Халқ таълими, мактабларнинг ижодий-маданий тарғиботчилари, каттақўрғонлик шоир ва ижодкорлар, ёшлар иштирок этдилар.

Тақдимотда сўз олган  шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шоиранинг “Ранглар оралаб” номли китоби ҳақида гапирар экан, бу каби тадбирлар, тақдимотлар келгусида ёшларни китобга бўлган қизиқишларини ошириши, китобхонликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади ва шоиранинг келгусидаги ижодига муваффақиятлар тилади.

Шаҳар ҳокими тадбирда китобхонликни тарғиб қилиш ва бошқа турли тадбирлар ва танловларда муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган ўқувчилар ва педагогларга ташаккурномалар топширди.

Шу кунга қадар ижодкорнинг 10 дан ортиқ шеърий тўпламлари чоп этилган. 80 га яқин шеърларига маҳаллий ва республикадаги таниқли бастакорлар томонидан куй басталанган ва халқимизнинг севимли хонандалари томонидан ижро этилган. Шоиранинг шеърлари инглиз, италян, ҳинд ва рус тилларида ҳам ўз мухлисларига етиб борган. Айни дамда шоира шаҳримиздаги 2 ҳамда 6 умумтаълим мактабларида ижодий тарғиботчи сифатида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.

Тадбир давомида шунингдек, 11 -ИДУМ  ўқувчи-ёшлари томонидан шоиранинг шеърлари ёд айтилди. Айниқса, шоира қаламига мансуб “Учбурчак хатлар” ҳикояси асосидаги саҳна кўриниши тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Шундан сўнг сўзга чиққанлар шоиранинг ижодий фаолияти ҳақида сўз юритдилар ва шаҳримиздан янада кўплаб мана шундай ижодкорлар етишиб чиқишига тилак билдирдилар.    

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM