ЭКСПОРТ - ИМПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИ БЎЙИЧА ВАЛЮТА НАЗОРАТИГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИЛАДИ

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, Президентнинг 1994 йил 20 апрелдаги “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–837-сон Фармони иловасига ўзгартириш киритилади.

Унга кўра, барча ташқи савдо шартномалари валюта назорати органларида, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ) орқали тижорат банкларида мониторингдан ўтказилади, электрон тижорат орқали реализация қилинган беш минг АКШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар) экспорти бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъектларига уларнинг ташкилий мақомидан қатъий назар ташқи савдо шартномалари бўйича маълумотларни ТСОЯЭАТга киритиш шарти билан хорижий товарларни (ишлар, хизматларни) Ўзбекистон ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва сотиш бўйича Ўзбекистоннинг норезидентлари билан трансчегаравий (иккинчи бир давлатдан бошқасига) савдони амалга оширишни назарда тутувчи, хорижий товарларни (ишлар, хизматларни) етказиб бериш хизматига оид шартномаларни тузиш асосида валюта операцияларини амалга ошириш, хорижий валютадаги тушумларнинг тегишли қисмини бошқа норезидент юридик шахсларга трансферабель аккредитивлар ва бошқа тўлов ҳужжатларини қўллаш йўли билан қайтаришга рухсат этилади.

Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу шартномалар доирасида амалга ошириладиган тўловлар миқдоридан кам бўлмаган маблағлар товарлар (ишлар, хизматлар) учун хорижий ҳамкорларга ўтказилган тўлов санасидан бошлаб 180 календарь куни мобайнида ўзларининг Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамларига тўлиқ келиб тушиши таъминланиши лозим. Ушбу белгиланган муддатда келиб тушмаган валюта маблағлари муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қаралади.

Тадбиркорлик субъектларининг ушбу бандда кўрсатилган фаолияти ташқи савдо бўйича савдо-воситачилик хизмати кўрсатиш фаолияти деб қаралади ва савдо-воситачилик хизмати кўрсатиш бўйича белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Хорижий товарларни (ишлар, хизматларни) Ўзбекистон ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва сотиш бўйича Ўзбекистоннинг норезидентлари билан тузилган халқаро савдо шартномалари валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банклари томонидан мониторинг қилинади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM